Душанба-Жума: 09:00-18:00
   Ишонч телефони: (79)-224-79-00 Регламентни юклаш info@ndd.uz

Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида

“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги
Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги
415-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 4 январда қабул қилинган 399–сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси,  2016 й. №1, 1-модда)  16-моддаси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

        “Фармацевтика фаолиятининг қуйидаги йўналишлари  белгиланган тартибда бериладиган лицензия асосида амалга оширилади:

 дори воситаларини ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш;

 дори воситаларини ва тиббий буюмларни улгуржи реализация қилиш;

 дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш;

 дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш;

 доривор ўсимлик хом ашёсини қадоқлаш ва улгуржи реализация қилиш.

 Фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензия беш йил муддатга берилади. Лицензия фақат лицензия даъвогарининг аризасига кўра беш йилдан кам муддатга берилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддати лицензиатнинг аризасига кўра узайтирилиши мумкин.”.

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқарув органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                                                            Ш. Мирзиёев

Манба: regulation.gov.uz

Мустақилликнинг 27 йиллиги муборак бўлсин!

Эркинлик,  хуррият – таърифга сиғмайдиган туйғудир. Истиқлол  - нурли истиқболнинг ибтидоси, тобеликнинг интихоси. Озодлик –мудроқликнинг поёни, юракдаги зулматнинг адоғи.

Асосий дори воситаларининг рўйхати кенгайтирилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан янгиланган Асосий дори воситалари рўйхати тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
 
Эслатиб ўтамиз, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, давлат асосий дори воситалари, шунингдек тиббий буюмлар олиниши имкониятини ва уларнинг сифатини кафолатлайди.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосий дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатини тузиш бўйича йўриқномасининг 4-бандига мувофиқ эса мазкур рўйхат қуйидагилар учун ишлатилади:

• тиббиёт муассасалари эҳтиёжлари таҳлили;
• ДВни рационал харид қилиш ва тарқатиш;
• ДВга сарфланган харажатларнинг ўрнини қоплаш схемаларини ишлаб чиқиш;
• тиббиёт ходимларини ДВни тўғри ишлатишга ўқитиш;
• асосий дори воситаларини миллий фармацевтик корхоналар томонидан ишлаб чиқаришни жадаллаштириш;
• асосий дори воситалари ва нархлар боғлиқлиги бўйича мониторинг олиб бориш;
• мурувват ва бошқар турдаги ёрдам кўрсатиш учун тузилган дори воситалари рўйхати тўғрилигини баҳолаш;
• самарасиз дори воситаларини айланмадан чиқариб ташлаш;
• тобора фаол ва безарар ДВни қўллаш йўли билан харажатларни камайтиришга эришиш.
 
Қабул қилинган ҳужжат аввалгисидан салмоқлироқ. Эски рўйхат 328 та позициядан иборат бўлган. Янгисидан эса 820 та позиция ўрин олган. Бундан ташқари, дори воситалари 3 турга бўлинган:

• умумий асосий дори воситалари;
• вояга етмаганлар учун мўлжалланган асосий дори воситалари;
• доривор ўсимликлар сақловчи дори воситалари.
 
Ҳужжат 30.07.2018 йилдан кучга кирди.                                                                                     манба: Kun.uz

“Ҳоким кубоги” минифутбол турнири

“Ҳоким кубоги”

минифутбол турнири

     Навоий вилоят ҳокимининг 2018 йил 23 июльдаги 06-06/1848 сонли хатида жорий йилнинг 25-30 июль  кунлари  Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “жисмоний тарбия ва спорт соҳасини давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5368-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида

     Навоий шаҳар Аладин уйингохида “Ҳоким кубоги” мусобақасининг минифутбол спорт турнири ўтказилди. Турнир ҳокимият тизимидаги ходимлар ўртасида бўлиб ўтди.   Мусобақада жами 24та жамоа куч синашди. турнирда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари  1-ўринни эгаллаб “Ҳоким кубоги” қўлга киритишди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан Кубок, медаллар ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш самарадорлигини ошириш ва аҳолини улар билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Сўнгги йилларда соғлиқни сақлашнинг ва фармацевтика тармоғини бошқаришнинг янги тизимини шакллантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Мамлакат аҳолисини сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишга, кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ва аҳоли соғлиғининг кўрсаткичларини оширишга тўсқинлик қилаётган муайян муаммолар ҳанузгача ҳал қилинмасдан қолмоқда.
Хусусан, дори воситаларини, жумладан, уларни ишлаб чиқариш ва қўллашга юқори талаблар қўйилган мамлакатларда тайёрланган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими ҳаддан ташқари мураккаблигича қолмоқда, бу эса самарасиз дори воситаларининг олиб кирилишига сабаб бўлмоқда.
Мамлакатда ижтимоий дорихоналарнинг кенг тармоғини яратиш, шунингдек, фармацевтика бозорида давлат харидлари механизмларини такомиллаштириш ва шаффоф рақобатни ўрнатиш зарурати ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тартибини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун шарт-шароитларни яхшилаш, сифатли дори воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва Ўзбекистон фармацевтика бозорининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг:
ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини қатъий нархларда сотиш тўғрисидаги талабни бекор қилиш;
давлат рўйхатидан ўтказиш учун юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини, жумладан, дори моддалари (субстанциялар) ва дори препаратлари (кейинги ўринларда дори воситалари деб аталади)ни давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини 2018 йил 1 августдан жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
а) ижтимоий дорихоналар томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларини сотиш уларнинг сотиб олиш қиймати ёки улгуржи нархига 10 фоиз чекланган савдо устамаси қўлланилган ҳолда амалга оширилади;
б) юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш натижаларини тан олиш:
хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги бўйича шубҳа уйғотмайдиган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун масъул бўлган хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотларни табақалаштириш асосида;
давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларнинг тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган тақдирда амалга оширилади;
в) мазкур Фармоннинг 1-банди учинчи хатбошисида назарда тутилган тартиб қўлланиладиган дори воситалари ушбу воситаларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилишида экспертиза қилинмайди.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5229-сон Фармонининг 11-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) илғор халқаро амалиётни ўрганиш асосида бир ой муддатда асосий касалликларнинг диагностика ва даволаш стандартлари, клиник протоколлари қайта кўриб чиқилишини ҳамда ҳар чоракда Ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг рўйхати қайта кўриб чиқилишини таъминласин;
б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2018 йил 20 июлга қадар муддатда танқидий ўрганиш ўтказиб:
юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда амалга оширилган, дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларини тан олиш тартибини белгилаш;
дори воситаларининг божхона расмийлаштирувига, давлат рўйхатидан ўтказилиши ва реализация қилинишига талабларни такомиллаштириш, шунингдек, фармацевтика фаолиятини тартибга солувчи бошқа масалалар бўйича таклифлар киритсин;
в) Бош прокуратура ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда 2018 йил 1 декабрга қадар муддатда мамлакатда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларини юқори тартибга солувчи талаблар қўйилган мамлакатларда қўллашга тақиқ мавжудлиги нуқтаи назаридан инвентаризация қилсин, бундай тақиқларни жорий этишнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўргансин ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида улар келгусида қўлланилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2018 йил 20 июлга қадар муддатда:
дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижалари Ўзбекистон Республикасида тан олинадиган мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар рўйхатини тасдиқлаш учун;
қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш
ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни киритсин.
6. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Ш.М.Садиков, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шадманов зиммасига юклансин.
                                   Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш.МИРЗИЁЕВ
манба: uza.uz

1- Июнь “Ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни"

        «Навоий Дори-Дармон” акциядорлик  жамияти   “Ишонч” маҳалласи худудида жойлашган. Ўтказиладиган тадбирлар, семинарлар ҳамкорликда олиб борилади .  “Ҳалқаро болаларни  ҳимоя қилиш куни” га  бағишланган  тадбирни  2018 йил 31 май  куни  биргаликда маҳалла  гўзарида  ўтказилди. Маҳаллада истиқомат қилувчи ногирон, кам таъминланган,ёлғиз оналарнинг фарзандлари таклиф этилди.Жажжи  болажонларга  совғалар  улашилди ( тиш пастаси ва чўткаси , қалам, краска, расм дафтар ,буяйш  дафтари, китобча, ширинлик ва музқаймоқлар)

         Йиғилишда  “Ишонч” МФЙ  раиси  Ғайрат Шерназаров , хотин қизлар қўмитаси раиси Матлюба  Полвонова , маҳалла маслаҳатчиси Феруза Хасановалар  сўзга  чиқиб  байрам  муносабати  билан табриклади .

Шифокор  Осиё Нормуродова   болаларга соғлом турмуш тарзи ҳамда шахсий гигиена бўйича маъруза  қилди .

  

Дунёда  болажонлар кулгисию шўх-шодон қийқириғиданда

беғубор нарса бўлмаса керак.

Фарзанд бор экан ,одамзод  ҳамиша келажакни  ўйлаб ,

эзгу орзу интилишлар билан  яшайди .

“Наврўз” хайрия тадбири

“Наврўз” хайрия тадбири

              “Навоий Дори-Дармон” акциядорлик жамияти 21 март “Наврўз” байрами муносабати билан ўзгалар парваришига мухтож бўлган кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳолидан хабар олиш  ва уларни хар томонлама қўллаб қувватлаш мақсадида Навоий шаҳри И.Каримов кўчаси 130 уй 69-хонадонда яшайдиган Шамсутдинова Равза ая ҳолидан хабар олиб байрам совғалари тақдим қилинди.

Наврўз Табриги


Хурматли Хамкасблар! “Навоий Дори Дармон” акц

иядорлик жамияти
Сизни ва Сиз орқали жамоангиз аъзоларини қадимий ва хамиша қадрли бўлган қутлуғ айём “Наврўз” умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.

Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ҳамда олиб киришни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрдаги “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5229-сон Фармонига мувофиқ, шунингдек, маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республикага дори воситалари ва тиббиёт буюмлари олиб киришни янада тартибга солиш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки:

корхонанинг ўзи томонидан тайёрланган доривор моддалар (субстанциялар) ва бутловчи буюмлардан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш тўлиқ технологик цикл бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ҳисобланади;

корхонанинг ўзи томонидан тайёрланмаган доривор моддалар (субстанциялар) ва бутловчи буюмлардан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш ҳисобланади;

дори воситалари ёки тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида қадоқлаш, истеъмол ўрами ва маркировка қилишдан ташқари барча технологик босқичлардан ўтган ҳар қандай қадоқланмаган дори воситаси ёки тиббиёт буюми “in bulk” маҳсулот деб эътироф этилади.

2. Белгилансинки:

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқарилган тақдирда улар маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилади;

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари юқоридаги мезонга мувофиқ бўлмаган ёки “in bulk” маҳсулот асосида ишлаб чиқарилган ҳолларда, улар маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилмайди;

маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари корхонанинг ўзи томонидан
барча ёки алоҳида бутловчи ва технологик қисмларни ишлаб чиқариш ёхуд маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари бутловчи ва технологик қисмларни, шу жумладан, импорт қилинаётганларни йиғиш йўли билан ишлаб чиқариш ташкил этилган ҳолларда тиббиёт техникаси маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилади.

3. Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда:

мазкур қарор қоидаларини инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини;

мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 декабрдаги 352-сон қарори билан тасдиқланган Дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низомга доривор моддалар (субстанциялар) ва доривор ўсимлик хомашёсини рўйхатдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

2018 йил 1 февралга қадар хорижий дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг рўйхатдан ўтиш ҳужжатларига уларнинг аризасига мувофиқ йиғим ундирмаган ҳолда “in bulk” маҳсулотнинг ўрами ва маркировкаси ҳақидаги маълумотни кўрсатишга оид қисмига ўзгартириш киритилишини таъминласин;

2018 йил 1 мартга қадар дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникаларини мазкур қарорнинг 1 ва 2-бандларида назарда тутилган мезонлар асосида маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб топиш нуқтаи назаридан уларни ишлаб чиқаришни технологик аудитдан ўтказсин.

5. Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича, шунингдек, маҳаллий маҳсулотлар орасида муқобили бўлмаган “in bulk” маҳсулот асосида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқарувчи корхоналарга давлат харидларида иштирок этишда хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг худди шундай маҳсулоти қийматидан 20 фоиз миқдорида нарх преференциялари тақдим этилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

2018 йил 15 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг “in bulk” маҳсулотни импорт қилишда, рўйхатдан ўтган тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган технологик цикл бўйича ишлаб чиқариладиган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар қўлланилмайди;

дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга “in bulk” маҳсулот асосида тайёрланган маҳсулотлар қисмига, рўйхатдан ўтган худди шундай маҳаллий маҳсулотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, қўшимча қиймат солиғи бўйича имтиёзлар 2019 йил 1 январга қадар сақлаб қолинади.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда бир ой муддатда дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг муомаласи ва ишлаб чиқарилиши юзасидан танқидий ўрганиш ўтказсин ҳамда уларни тартибга солиш бўйича зарур чоралар кўрсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                                                          Ш.МИРЗИЁЕВ


Тошкент шаҳри, 2018 йил 23 январь                                                                                                            

                                                                                                                                                                        Манба:uza.uz