Бош саҳифа > Янгиликлар > Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида

Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида


09-11-2016. Чоп этди: aziz

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

 

Аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини янада ошириш, уларнинг нархини белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори-дармон воситаларини тавсия этиш каби номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида: 

1. 2017 йилнинг 1 январидан: 

четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилган ҳолда амалга оширилади; 

1-иловада қайд этилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархларда сотиш; 

1-иловага мувофиқ рўйхатда қайд этилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини четдан харид қилиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар бир номдаги дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун белгиланадиган квоталар доирасида мамлакатимизда тегишли фаолият билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган улгуржи ва улгуржи-чакана компаниялар ўртасида тендер ўтказиш асосида амалга оширилиши белгилансин. 

2. Даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш учун Республика комиссияси 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин. 

Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин: 

мамлакатимиз фармацевтика бозорининг, жумладан, республикамизда ишлаб чиқарилган асосий дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини тизимли таҳлил этиш ва шу асосда дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари турларини диверсификация қилиш ҳамда ички бозоримизни янада бойитишга доир таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолини дори-дармонлар билан таъминлашга масъул давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш; 

рўйхатга киритилган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун қайд этилган нархларни белгилаш ҳамда уларни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотадиган ташкилотларга етказишни ташкил этиш; 

рўйхатга киритилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархларига риоя этилишини назорат қилиш тадбирларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш; 

қайд этилган нархлар белгиланадиган ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган тақдирда қарорлар қабул қилиш; 

мамлакатимиз фармацевтика саноатига етакчи хорижий компаниялар ва инвесторларни янада кенг жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш; 

вазирлик ва идоралар, улгуржи савдо ташкилотлари раҳбарларининг дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш масаласи, шунингдек, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг, жумладан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, сифатли дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжини қондиришга оид амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитиш. 

3. Тиббиёт муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминлашни назорат қилиш бўйича Республика комиссияси тўғрисидаги Низом 3-иловага мувофиқ;

дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини тартибга солиш тўғрисидаги Низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига рўйхатга киритилган импорт дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш учун тендер савдолари ўтказиш вазифаси юклансин. 

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги: 

дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида Республика комиссиясига ҳар чоракда рўйхатда кўзда тутилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун йўл қўйилиши мумкин бўлган чекланган шартнома қийматини белгилашга доир таклифлар киритсин, қиймати ушбу кўрсаткичдан юқори бўлган тендер таклифлари кўриб чиқилмайди; 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда 2016 йил 1 декабргача рўйхатга киритилган импорт дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини харид қилиш учун тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги Низомни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин. 

5. Белгилаб қўйилсинки, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги барча тиббиёт муассасалари рўйхатда кўзда тутилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини ўрнатилган тартибда Республика комиссияси томонидан белгиланган улгуржи нархлардан ошмайдиган нархда сотиб олади. 

6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги: 

энг илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларини қайта кўриб чиқиш жадвалини икки ҳафта муддатда тасдиқласин, бунда уч ой муддатда ташхис қўйиш, даволаш ва клиник протоколларнинг янгиланган стандартлари тасдиқланишини, шунингдек, зарур ҳолларда амалдаги ташхис қўйиш, даволаш ҳамда клиник протоколларни қайта кўриб чиқишни назарда тутсин; 

тасдиқланган ташхис қўйиш, даволаш стандартлари ва клиник протоколларга мувофиқ ҳар йили Республика комиссиясига рўйхатни ўзгартириш бўйича, биринчи навбатда, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларининг кўпайишига қараб улардан фойдаланишни кўзда тутадиган таклифлар киритсин; 

ташхис қўйиш, даволаш ва клиник протоколларнинг янгиланган стандартларини барча тиббиёт муассасаларига, жумладан, фойдаланиш учун очиқ бўлган ахборот тизимлари орқали ўз вақтида етказишни таъминласин ҳамда уларга риоя этилишини қатъий назорат қилсин; 

бир ой муддатда энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати, шунингдек, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхатини тасдиқласин, унга зарурат туғилганда белгиланган тартибда ҳар йили ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин; 

юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилганлиги учун лицензияни бекор қилиш шартлари, шунингдек, минимал рўйхат бўйича мажбурий талабларни назарда тутган ҳолда, бир ой муддатда Фармацевтика фаолияти тўғрисидаги лицензия шартномасига қўшимчалар киритсин; 

шифокорларнинг дори-дармон воситаларини тавсия этиш ва дорихоналарда дори-дармон воситаларини бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин ва унда белгиланган тартиб бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини назарда тутсин; 

ўз расмий веб-сайти, шунингдек, дорихоналар расмий веб-сайтларида рўйхатга киритилган барча дори-дармон воситалари бўйича белгиланган нархлар тўғрисида мунтазам янгиланадиган ахборот эълон қилинишини таъминласин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари зиммасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар уларнинг нархини давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш вазифаси юклансин. 

8. “Ўзфармсаноат” акциядорлик компанияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 16 сентябрдаги “2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ПҚ-2595-сонли қарорига мувофиқ рўйхатда кўзда тутилган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш билан республика эҳтиёжини максимал даражада қоплаш бўйича муҳим чораларни кўрсин. 

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлиги йиллик, чораклик моддий ва қиймат балансини шакллантиришда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ўзфармсаноат” акциядорлик компанияси томонидан асосланган тайёр дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини, шунингдек, уларни мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқариш учун хомашёни четдан олиб келишга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олсин. 

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 14 январдаги “Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотишни тартибга солиш тўғрисида”ги 19- ва 2000 йил 5 августдаги “Ички бозорни дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 307-сонли қарорлари 2017 йилнинг 
1 январидан ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин. 

11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов ва Бош вазир ўринбосари А.Икромов зиммасига юклансин. 


Ўзбекистон Республикаси 
Президенти вазифасини бажарувчи                                                                                        Ш.Мирзиёев
 

Тошкент шаҳри, 
2016 йил 31 октябрь 


* * *
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига
Ш А Р Ҳ


Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди. 

Мамлакатимиз раҳбарияти фармацевтика саноатини ривожлантириш, аҳоли ва даволаш муассасаларини сифатли, самараси юқори ва хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Ўзбекистонда ташкил этилган фармацевтика саноати муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда ва жадал ривожланмоқда. Хусусан, мамлакатимиздаги 132 фармацевтика корхонаси томонидан 2 минг турдан ортиқ дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилмоқда. 

Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларидан фойдаланиш бўйича халқаро нормалар ва ривожланган давлатлар қонунчилигига мослаштирилган қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. 

Халқаро сифат стандартларининг жорий этилиши самарасида мамлакатимиз фармацевтика корхоналарининг экспорт салоҳияти ошди. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган айрим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари дунёнинг 20 дан ортиқ давлати, жумладан, МДҲ, Европа иттифоқи мамлакатлари ва АҚШга экспорт қилинмоқда. 

2016-2020 йилларда республика фармацевтика саноатини янада ривожлантириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ янги фармацевтика корхоналарини ташкил этиш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилишга доир умумий қиймати 223,9 миллион АҚШ долларига тенг 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бу аҳоли ва тиббиёт муассасаларида эҳтиёж юқори бўлган импорт ўрнини босадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни 2,5 баробар ошириш имконини беради. 

Ўзбекистонда дорихона муассасалари тармоғи кенг ривожланган. Айни пайтда мамлакатимиз ҳудудида 8472 хусусий дорихона ва уларнинг филиаллари, шунингдек, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси тизимига кирувчи 1437 дорихона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 70 ва 114 таси олис қишлоқлар аҳолисини дори-дармонлар билан таъминлаш учун мўлжалланган ижтимоий ва сайёр дорихоналардир. 

Шу билан бирга, соҳанинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниши натижасида зудлик билан ҳал этишни талаб қиладиган айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди. 

Авваламбор, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминлаш учун республика фармацевтика саноатини янада самарали ривожлантириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш зарур. 

Маҳаллий хомашё, жумладан, доривор ўтлар асосида дори-дармон воситалари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобидан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштиришни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, шунингдек, уларни тиббиёт амалиётига жорий қилиш долзарб масала ҳисобланади.

Фармацевтика корхоналарининг дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш учун хорижий хомашё ҳамда материалларга боғлиқлик даражаси юқорилигича қолаётгани бу борадаги жиддий муаммодир. Мамлакатимиз корхоналарида айрим фармакотерапевтик гуруҳлардаги дори-дармон воситалари, яъни онкологик, эндокринологик, махсус препаратлар ва психотроп воситалар ишлаб чиқарилмайди. 

Дорихона муассасалари тармоғини янада оптималлаштириш масаласини ҳал этиш зарур. Дори-дармон воситалари нархларининг асоссиз оширилаётгани, шунингдек, бир хил дори воситаларининг нархларида катта фарқ борлиги кузатилмоқда. Бу дорихоналарда дори-дармон воситаларига нарх белгилаш тизимини такомиллаштириш ва улар фаолияти устидан назоратни кучайтиришга доир шошилинч чоралар кўриш заруратини юзага келтирмоқда. 

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2017 йилнинг 1 январидан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўлланилиши белгиланмоқда. 

Шу билан бирга, тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нархлар белгиланмоқда. Бу нархлар даволаш муассасалари ва аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни тизимли асосда назорат қилиш бўйича ташкил этиладиган Республика комиссияси томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари учун жаҳон нархлари конъюнктурасини таҳлил қилиш асосида ўрнатилган тартибда ҳар чоракда белгиланади. 

Мазкур комиссия зиммасига, шунингдек: 

мамлакатимиз фармацевтика бозорининг, жумладан, республикамизда ишлаб чиқарилаётган асосий дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланганлик даражасини тизимли равишда таҳлил этиш ва ўтказилган таҳлил асосида дори-дармон воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари турларини диверсификация қилиш, мамлакатимиз бозорини етарли даражада тўлдиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолини дори-дармонлар билан таъминлашга масъул давлат органлари фаолиятини такомиллаштириш; 

нархларини белгилаш бўйича алоҳида тартиб ўрнатиладиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари рўйхатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилган тақдирда қарорлар қабул қилиш; 

рўйхатга киритилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархларига риоя этилишини назорат қилиш тадбирларининг амалга оширилишини мониторинг қилиш ва бошқа муҳим вазифалар юклатилган. 

Юқорида кўрсатилган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган квоталар бўйича мамлакатимизда тегишли фаолият билан шуғулланиш лицензиясига эга улгуржи ва улгуржи-чакана компаниялар ўртасида тендер ўтказиш асосида четдан харид қилинади. Бундай тендерларни ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги зиммасига юкланган. 

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан нархларни давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этилишини бевосита назорат қилади. 

Мазкур қарорда дори-дармон воситаларини тўғри тавсия этиш, ташхис қўйиш, даволаш ҳамда клиник протоколлар стандартларини барча тиббиёт муассасаларига, жумладан, фойдаланиш учун очиқ бўлган ахборот тизимлари орқали етказиш, уларга риоя этилишини қатъий назорат қилиш мақсадида халқаро амалиётга мувофиқ асосий касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш ва клиник протоколлар стандартларини такомиллаштиришга доир вазифалар белгиланган. 

Қарорда энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати, шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхатини тасдиқлаш; 

юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига нарх белгилаш тартиби қўпол бузилганлиги учун лицензияни бекор қилиш кўзда тутилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабул қилинган ушбу қарорининг ҳаётга татбиқ этилиши ички бозорни арзон ва сифатли дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан янада тўлиқ таъминлаш, нарх белгилаш бўйича очиқ-ошкора механизмни жорий этиш, мамлакатимизда арзон ва сифатли препаратлар бўлишига қарамасдан, ташхис қўйиш ва даволаш стандартларида кўзда тутилмаган ҳамда асосан қиммат импорт дори воситаларини тавсия этиш бўйича номақбул амалиётнинг олдини олиш ва келгусида бундай ҳолларга йўл қўймаслик имконини беради. 

Мазкур барча чора-тадбирлар, биринчи навбатда, аҳолини сифатли ва арзон дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга, аҳолининг саломатлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

 

Манба: uza.uz

 

шаблоны для dleскачать фильмы
Ортга қайтиш